Like most websites we use cookies. If you're happy with that, just carry on as normal - otherwise to find out more click here.
   
Search on the website:
Home   ›   Оқ лайлак
Print
Send to friend

Оқ лайлак

Оқ лайлак – бу оқ-қора рангли, узун бўйинли, баланд бўйли, оёқ ва тумшуғи қизил рангдаги қушдир. Бош, бўйин ва танасининг оқ патлари қанотларининг қизғиш ва яшил рангда товланувчи қора патлари билан кескин фарқланади. Жигарранг кўзлари қора халқа билан ўралган.
Лайлакларни тумшуқларини бир-бирига уриб чиқарадиган товушидан осон пайқаш мумкин. Уларни уясида ўтирганда кўриш осон, ундан ташқари, уларни нам ўтлоқлар ва яқингинада ўриб олинган далаларда ҳам учратиш мумкин. Лайлакларни уялари жуда катта, ердан анча баландда бўлиб, атроф яхши кўринадиган жойда жойлашади. Ўзбекистонда оқ лайлакнинг туркистон кенжа тури Ciconia ciconia asiatica тарқалган. Авваллари ушбу популяциянинг катта қисми қишлагани Хитойга учиб кетар эди.
Ёш лайлакни каттасидан қандай ажратиш мумкин?
Эркаги ва урғочилари фақат ўлчамлари билан фарқланадилар – эркаклари бироз йирикроқ. Жўжаларини тумшуғи кулранг, оёқлари узун ва қизилдир. Қордек оппоқ ота-оналарига нисбатан улар кулрангроқ кўринадилар.
Лайлаклар нималар билан озиқланадилар?
Лайлаклар озуқа танламайдилар ва табиатда топиш мумкин бўлган турли ҳайвон озуқалари - кемирувчилар, ёмғир чувалчанглари, қуртлар, сувда ва қуруқда яшовчилар, ҳамда, майда илон ва калтакесаклар билан озиқланадилар.
Оқ лайлак уяси
Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам лайлаклар уяларини инсонлар уй-жойлари яқинига қурадилар. Уларни уй томларида, минораларда, телеграф симёғочларда учратиш мумкин. Ҳар йили лайлаклар ўз уяларига қайтадилар, ё бўлмаса, эски уясидан узоқ бўлмаган ерда янгисини қурадилар. Шундай уялар ҳам борки улардан лайлаклар бир неча асрдан бери фойдаланиб келадилар! Ёш лайлаклар дунёга келган жойдан узоқ бўлмаган ерларда уялашга ҳаракат қиладилар.
Қишки давр
Оқ лайлаклар марказий Африкада, туркистон кенжа тури вакиллари эса Хитойда қишлайди.
Оқ лайлакнинг Ўзбекистонда тарқалиши
Қадимда лайлаклар Ўзбекистоннинг Сурхон дарёси воҳасида Термиздан Деновгача уяларди. Қарши чўлини ўзлаштиришдан олдин Қашқадарё дарёси ҳавзасида оддий қуш ҳисобланган. Энг катта ареалларидан бири Зарафшон дарёсининг ўрта ва қуйи этаклари ҳисобланарди. Аммо, 1960 йилларга келиб қишлоқ хўжалигининг ривожланиши натижасида бу ерда лайлаклар йўқолиб кетди.
Ҳозирги кунда лайлакларнинг нисбатан катта ва муваффақиятли популяцияси Фарғона водийсида мавжуд. Қўқон атрофи ва Пунган, ҳамда, Қайроққум сув омбори оралиғидаги Сирдарёнинг оролларида бир неча катта колониялари аниқланди. Фарғона вилоятида уялайдиган лайлакларнинг умумий сони 500 жуфтдан ошади. Тошкент вилоятида лайлаклар колониялари Сирдарё воҳаси ва Чирчиқ, ҳамда, Ангрен дарёлари қуйи оқимида мавжуд.
Оқ лайлак Ўрта Осиёда қадимдан анъанавий инсонлар ҳимояси остида бўлган ва камдан кам ҳолларда тўғридан-тўғри таъқиб қилинади. Кўпинча қушларнинг нобуд бўлишига техник қурилмалар ва электр ўтказмалари сабаб бўлади.